ҚАЙНОНАМГА ҚАНДАЙ ЁҚАЙ?

Савол:

— Янги келинман. Қайнонам бошида меҳрибон аёл эди. Муомаласи ҳам, ғамхўрликлари ҳам жойида эди. Негадир кейинги пайтда бироз ғалати бўлиб қолди. Мен бошида қандай ширинсўз, саришта, пазанда бўлган бўлсам, ҳозир ҳам буни уддалаяпман. Ўзимдан айб ўтаяптими деб, камчиликларимни тузатишга, у кишига ёқмайдиган ишларни қилмасликка ҳаракат қилдим. Жеркийдилар, “Бунча кўп гапирасиз, нима бало кийиб олдингиз, ҳа, кун қаердан чиқди, бугун ҳовли супурилибдими (ҳар куни супураман), бечора ўғлим, оч кетди (аслида нонушта қилиб кетади)”, деган пичинг гаплар айтадиган бўлиб қолди. Бунга сабаб бўлса майлийди, аммо ҳеч қандай сабаб йўқ. Оиламизнинг бошқа аъзолари — қайнотам, овсиним, хўжайиним ҳам ҳайрон. Нима қилишни билмаяпман. Онамга айтай десам, “уйга гап ташима” деган. Ҳали тушганимга озгина бўлди, норози бўлиб гапиришим яхшими?

Янги келинлар нолиса ҳайрон бўлардим. Янги оилага мослашиб кетиш, қайнонанинг кўнглини топиш қийин экан. Маслаҳат беринг, қайнона-аяжонимнинг кўнглига қандай йўл топай?

Маҳзуна, Фарғона вилояти

Жавоб:

— Қайнонангдаги ўзгаришнинг сабаби бор, албатта. Биринчидан, мабодо ўзинг ўзингга ортиқча баҳо бериб юбормаяпсанми, тортинмай “ширинсўз, саришта, пазанда”ман дейиш камтар одамнинг иши эмас. Аслида бу гапларни бошқалардан эшитсанггина фазилатларинг тасдиқланади. Яна гапнинг орасида “фалон ишни мен қилдим”, “пистон иш мен учун ҳеч нарса эмас” дея ниқтаб қўяётган бўлмагин! Қайнонанг ҳам, овсининг ҳам аёл киши, айрим ишларни улардан дурустроқ эплаётган бўлсанг, озгина ғаши келиши табиий.

Шунинг учун ўрни келганда уларнинг дуруст ишлари, ўхшатаётган таомларини мақтаб туришинг, улардан кўп нарса ўрганаётганингни писанда қилиб боришинг лозим. Бундай эътибор вазиятни юмшатади. Худди ўша нарсани унутганинг учун ҳам сенга қарши иқлим пайдо бўлган. Бу ҳолатнинг муаллифи овсининг бўлиши ҳам мумкин. Чунки сен табиийки, ундан зўр чиқишга, у қилолмаган ишларни қойиллатиб қўйиб, қайнона, қайнотангга кўпроқ ёқишга урингансан. Улар ҳам ўз навбатида сенга алоҳида эътибор қаратган бўлиши мумкин.

Инсон борки, шайтон бор, пайт пойлаб худбинликка етаклайди, овсининг ҳам инсон, қайнонангни сенга нисбатан чархлаб қўйган бўлиши мумкин. Маслаҳатим шуки, қандай қилиб бўлса ҳам аввал овсинингга ёқиб ол. Бу деганим, силайи раҳмда бўл, айбини яшир, яхшисини ошир. Қўлидан ишини ол, камини тўлдир. Ҳар борада у билан маслаҳатлаш, оила аъзоларингга уни орқаворатдан тез-тез мақтаб тур. Овсинларнинг ноиноқлиги катта фалокатлар келтиради, уларнинг дастидан ака-укалар бир-биридан ажраб кетиши, оила дарз кетиши, ёшлари улғайганда ота-оналарнинг диллари вайрон бўлиши мумкин. Бунга сабаб бўлган келин эса умрининг охиригача фақат зиён, зиён ва яна зиён кўради! Чунки бузғунчилик оғир гуноҳдир.

Қолаверса, айрим қайноналар ўғиллари келинлари билан ўта иноқлашиб кетса ҳам келинини ёқтирмай қоладилар. Чунки ўғил онанинг жонида эди,  сен уни умрбодга тортиб олдинг, бу ғоят оғриқли, ҳали буни ўзинг ўғил уйлаганингда жуда биласан. Шунинг учун вақт ўтиб, сен қайнонангга ёқиб, оилага киришиб олгунингча қайнонангнинг кўз ўнгида куёвингга эътибор бераверма! У ҳам сенга қараб илжаявермасин! Онасига кўрсатиб туриб сенга меҳрибонлик кўрсатавермасин! Қайнонангнинг сени ёқтирмай қолишига шу ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Баъзи инсонлар жуда эътиборталаб бўлади, ­қай­­­­­н­о­нанг шундайлардан бўлса иложинг қанча. Энди унинг шу бадфеъли билан чиқишишингга тўғри келади.  Балки онанг қуда сифатида унга етарли мулозамат қилолмаётгандир. Шунинг учун унинг энсаси қотаётгандир. Онангга айт, бир йил ўтгунча гоҳ-гоҳ телефонда лутф кўрсатиб, онда-сонда унинг кўнглини оладиган туҳфалар қилиб турсин. Ўзинг ҳам зийрак тур, кези келганда қайнонангга ота-онангнинг у ҳақдаги яхши гапларини етказиб бор...

Қизим, сен ҳозир мослашиш даврини бошингдан кечиряпсан. Бу ҳолат ҳаммада оғир кечади. Аммо мослашишинг шарт. Куёвинг сенга ёқадими? Тамом, сен шу ерни ватан тутиб қолишинг керак! Фақат зийрак ва тадбиркор бўл. Биринчи ишинг шу оиладагиларнинг барчасига ёқиб олиш!

Турсуной СОДИҚОВА

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 3 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика