ҚАЛДИРҒОЧ ИНСОНЛАРГА ҚУВОНЧ КЕЛТИРАДИ

Жейн оғир ўтган меҳнат ҳафтасидан сўнг бироз нафас ростлагани денгиз бўйига отланди. У ерда жажжигина қизалоқ Мелани билан танишиб қолди. Қизча соҳилдан узоқ бўлмаган жойда онаси билан яшарди. Қизчанинг қувноқ ва тийрак қарашлари, сўзлаши Жейнга жуда ҳам ёқиб қолди. Кўп вақт биргаликда сайр қилиш Жейнга завқ бағишларди.

Бир куни улар соҳилдаги қумлоқда ётишаркан, шундоққина қўллари етадиган даражада тепаларидан қалдирғоч вижирлаб учиб ўтди.

— Қувонч қанот қоқиб ўтди, — деди Мелани учиб кетаётган қалдирғоч ортидан севиниб боқаркан.

— Нима дединг?

— Қувонч парвоз қилмоқда. Онам менга доим қалдирғоч инсонларга қувонч келтиради, деб айтади.

Кечга томон Жейн қизча билан хайрлашиб, уйига қайтди.

Эндиликда унда ғалати одат пайдо бўлганди. Қачонки у ўзида нохушлик ҳис қила бошласа, яъни “қалдирғоч” етишмаётгандек туюлса, дарҳол денгиз бўйига — Мелани билан учрашувга ошиқарди. Бу учрашув иккисига ҳам мароқли эди. Чўмилишади, қумда ётиб, офтобда тобланишади. Баъзан югуришади. Гоҳо бирқанча вақт шўх учаётган қалдирғочларни завқ билан кузатиб, нималар ҳақидадир қизғин суҳбатлашадилар. Бирқанча вақт ўтгач, Жейн ҳам чиндан қалдирғочлар инсонга шодлик бағишлашига ишона бошлади.

Улар якдил дугоналарга айланишди.

Бир куни Жейн чўмилиш жойига жуда ҳам қайғули кўринишда келди. Шу алфозда Мелани одатдагидек Жейнни кўрди-ю, шодлигидан унинг қучоғига отилди. Аммо... Жейн кутилмаганда:

— Менинг ёлғиз қолгим келяпти, сен билан ҳозир ўйнаш кўнглимга сиғмаяпти. Илтимос, мени холи қолдир. Онам вафот этди, - деди.

— Онангнинг вафоти сенга оғир бўляптими? – сўради қизча.

— Жудаям. Кўниколмаяпман, — Жейн шундай деб қарама-қарши томонга ўгирилиб кетди. У ўз қайғулари билан банд эди.

Орадан бир неча кун ўтиб, унинг кайфияти ўрнига туша бошлади. Ҳамма нарса вақт ўтиши билан ўзгаришини тушунди. У Меланини қўмсаётганини ички туйғу ила ҳис қилди. Ва шу аснода охирги учрашувда Меланини хушламай хайрлашгани ёдига тушиб, ҳижолат тортди. Денгиз сари отланди. Бироқ чўмилиш жойида Мелани кўринмади. Уни излаб, уйига борди. Эшикни ёш, аммо ғам-қайғуга чўмган бир аёл очди.

Жейн аёлга ўзини таништирди.

— Меланини кўргим келганди. У билан бирга сайр қилиш мен учун жудаям ёқимли. Қаерда у?

— Мелани ўтган ҳафтада оламдан ўтди, — деди аёл чуқур қайғу билан, — унда оққон (лейкомия) хасталиги бор эди. Эҳтимол у бу ҳақда сизга ҳеч нарса демагандир?

Кучли оғриқ гўё Жейннинг кўксини ёриб чиқаётгандек бўлди.

— Мелани бу соҳилни жуда ёқтирарди, — давом этди она, — у доим шу ерга келишга мени ҳам қистар, мен эса унинг ёлворишларини рад этолмасдим. У бу ерда ўзини бемалол, эркин ҳис қилишини билардим. Бу ерда гўё ўзини бахтли сезарди. Кейин... бирдан соғлиғи ёмонлашди. Нима таъсир қилганини билолмадим... У ... сизга ... бериш учун бир нарса қолдирганди... Ҳозир олиб келаман.

Она Жейнга катта, оппоқ хатжилд (конверт) топширди. Устига: “Менинг қадрли дугонамга” деб ёзилганди. Ичидаги варақда денгиз, қумлоқ ва каттакон қалдирғоч тасвири акс эттирилган эди. Сурат остида ёзув ҳам бор эди: “Қалдирғочлар қувонч келтиради”.

Жейн кўз ёшларини тийиб тура олмади. У Меланининг онасини қучоқлаб йиғларди.

Бу сурат ҳозир Жейннинг иш столи тепасида осиғлик турибди. Қизалоқнинг бу арзимас совғаси Жейнни ҳаётдан ҳамиша завқ олиб яшашга чорлаб турибди.

Гоҳо ҳаётнинг оғир гирдобларидан бизни оғир мусибатлар ҳам халос этиши мумкин. Зеро, ҳар қандай ҳолатда ҳам бизнинг турмуш тарзимизни ўзгартириб юборувчи у ёки бу таассуротлар рўй бериб туриши табиий. Ачинарлиси шундаки, бизни қуршаб турган муҳит гўзалликларини, яхши, оқкўнгил, меҳрибон инсонлар тафтини ҳис қилиб яшашга ҳар доим ҳам фурсат топа олмаймиз. Гўё ҳаддан ташқари биз иш билан бандмиз. Шунинг учун ҳам ўзимиз билан овора бўлиб, яқинларимизни унутиш даражасига етамиз. Ва бу бизни асло ташвишлантирмайди.

Хайрулла ҚОСИМОВ тайёрлади.

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 34 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика