МУСТАҚИЛ ҲАЁТ УЧУН КУРАШ

Менинг йигирма ёшга кирган бир жияним бор. Кенжа фарзанд бўлгани учунми, онаси бироз эркалатиб ўстирган. Отаси ёшлигида вафот этиб кетганлиги боис унинг иккита акаси мактабни тугатар-тугатмас савдо-сотиқ ишлари билан машғул бўлишди. Аввалига ишлари бироз юришмади. Аммо кейинчалик ўз соҳаларининг пирига айланиб кетишди.

Ана шу икки ака “энг кичкинамиз”, дея йигирма ёшли жиянимизни жуда талтайтириб юборди. Улар укасига ҳар ой даста-даста пул жўнатар, нима хоҳласа шуни олиб беришарди. Аммо бир куни икки ака ҳам кутилмаганда унга пул бермай қўйишди. Бундан ҳайратга тушган ука аввалига хотиржам юрди. Сўнг безовталана бошлади. Ахир акалари нега бундай қилишяпти? Уни ёмон кўриб қолишдимикин ёки?

Юрагини тирнаётган аламларини ахийри бир куни онасига айтди. “Акаларинг энди сенга пул беришмас экан”, — деди онаси ҳам хотиржам тарзда. “Нега?” кўзларидан ўт чақнаб кетди уканинг. “Акаларинг энди ёшинг йигирма учга кирганлигини, бундан буёғига ўз аравангни ўзинг тортишинг кераклигини айтишди”, — деди она. Уканинг бошидан муздек сув қуйилгандек бўлди. Хаёлан акаларидан ранжиди, уришди, улардан аразлади, аммо барибир энди нима қилишни билмасди у.

Бир куни у ёнимга келиб, “тоға гангиб қолдим, нима қилишни, қандай ишнинг бошини тутишни билмаяпман. Акаларим энди менга ёрдам беришмасмиш” — деди. “Акаларинг тўғри айтишибди. Сенга ёрдам беришни бундан беш йил олдин тўхтатишлари керак эди. Энди сен акаларингдан хафа бўлиш ўрнига уларга раҳмат айтишинг керак. Акаларинг бизнинг кўмагимиз билан ўзи мустақил ишлаб кетар, дея шу кунгача умид қилишди. Аммо сендан садо чиқмагандан кийин шу қарорга келишган-да”, дедим мен ҳам хотиржам тарзда. “Менга маслаҳат беринг, энди нима қилай?” дея йиғлагудек бўлди жияним. Шунда мен унга пойтахтда яшайдиган бир қариндошимизнинг олдига боришини ва ундан йўл-йўриқ сўрашини маслаҳат бердим. Хаёлимга эса китобдан ўқиганим, қуйидаги сўзлар келди ва жиянимга ҳам гапириб бердим:

а) Ҳаётда келажагингизга ишонинг, ўз тафаккурингизни ишга cолсангиз ғоялар туғилади, олдингизга мақсад қўйинг. Сўнг ўзингизга савол беринг ва кутинг. Жавоб узоқ куттирмайди.

б) Энг аввало, ўзингизга ёқадиган иш топишингиз керак. Севимли касбингизнинг барча таркибий қисмлари аллақачон сизда. Сиз ҳозиргача буни англамайсиз, чунки ҳақиқий табиатингиз билан битта тўлқинда эмассиз. Сабот билан диққатингизни жамланг, шунда сизга тушунча келади, сўнг жавоб ҳам. Сиз аксарият инсонлар бутун умри давомида жонсарак бўлиб ниманидир ахтариши, лекин уни топа олмай ҳаёт жумбоқлардан иборат, деган хулосага келишларини тушунасиз ва ҳаётингизнинг сирли моҳиятини билиб оласиз. Билганда ҳам нафақат ақл билан балки, юракдан англайсиз. Вақт ўтиши билан буни тушунасиз.

 Ҳеч қачон жангсиз таслим бўлманг. Бошқа тузоққа ҳам тушиб юрманг. Барибир ҳеч нарса бўлмайди деган хаёл билан ҳаракат бошласангиз, бошидан ютқазасиз. Фикрларингиз ва ҳаракатларингизни муштарак қилинг, ўз-ўзингиз билан муштарак бўлинг.

 в) Сиз ечими бор деган қатъий хулоса билан иш бошланг — бу муаммонгизнинг аниқ ечими ҳисобланади. Тафаккур ва мақсадингизнинг сеҳрли кучи, албатта, ўз ечимини топади ва бу шундай амалга ошадики, бундай осон рўй беришини сиз кутмаган ҳам бўласиз. Муваффақиятга қатъий ишонинг ва у келади. Шубҳага заррача имконият қолдирманг, уни тафаккурингиз кучи етганча хаёлингиздан қувинг. Шубҳа — зулматнинг ажралмас қисми, оптимизм эса ёруғлик ва ҳаёт подшолигига бўйсунади. Бу икки куч доим қарама-қарши курашда. Сиз шубҳага қарши сабот билан курашишингиз лозим. Шубҳа — бу ҳам фикр ва бошқа фикрларга ўхшаб моддийлашишга ҳаракат қилади.

Менинг гапларимни эшитиб, жиянимнинг кўзлари чарақлаб кетди. “Менда ғоялар пайдо бўлди”, — деди севиниб. Сўнг ўша заҳоти пойтахтга жўнаб кетди. Кейинчалик эшитсам, у тўппа-тўғри ўша тадбиркор қариндошимизникига бориб, “ менга тадбиркорликни ўргатинг, ёнингизга олинг. Агар сизнинг корхонангизда иш ўрни бўлмаса менга “Нексия” машинасига етадиган пул қарз беринг. Мен бу машина билан сизнинг хизматингизни қиламан, бўш пайтларим киракашлик қилиб пул топаман. Мустақил оёққа туриб олгач, албатта, сизнинг пулларингизни қайтараман” дебди.

 Мана, кўрдингизми, инсон ўз ҳаётини ўзгартиришга киришиши қанчалик осон! Шунчаки, сўраш керак, лекин баъзи одамлар сўрашга ҳам ботина олишмайди. Сиз ҳам агар ҳаётингизда ниманидир ўзгартирмоқчи бўлсангиз журъатингизни тўплаб, сўрашингиз керак.

 Хуллас, тадбиркор қариндоши жиянимга битта машинага етадиган пул берибди ва:

— Сен бу пулларни осонлик билан қўлга киритдим, деб ўйлаётгандирсан. Лекин сени ишонтириб айтаманки, келажакда пулларни қўлга киритиш жуда қийин бўлади, деб ўйлашинг мутлақо нотўғри. Лекин кўп инсонлар худди шундай фикрда. Улар пул учун кўп ва оғир меҳнат қилиш керак, деб ўйлашади. Аслида эса меҳнат инсонни кўпроқ ишлашга мажбурлаб, тафаккур кучи ва бардошини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сен пул ишлаб топганингда менинг услубимдан фойдалансанг, бу тез орада рўй бериши аниқ. Ҳамма нарсадан ҳам муҳими муносабатлар, фикрий режалар. Бунга эътиборсиз бўлганлар омадсизликка маҳкум ва уни кутиши учун оғир ёки ёқимсиз иш билан шуғулланишга мажбур. Доим ёдда тут, ташқи ҳолатлар тафаккуринг ҳолати ҳамда ички чуқур хулосаларингнинг аксланишидир.

 Унутма, сенга пул керак бўлиб қолганда нима қилиш керак? Агар сен уни тез ва осон топишга ишонсанг шундай бўлиб чиқади ҳам. Агар ақлингдан заррача шубҳа ўрин олса, ҳозир қўлингда турган пулни эсга ол. Шунчаки, сўраш керак. Агар сўраган нарсангга дарров эришишингга ишонсанг, уни аллақачон олдим, деб тасаввур этсанг, ҳақиқатан ҳам шундай бўлади. Бизнинг кўнглимиз тубидаги хулосаларимиз доимо ҳаётга татбиқ этиб келинган.

 Сен ҳам уни бошқа нарсага ишлатма. Пулни ўзи учун ишлашга қўйиш ўрнига уни ерга кўмган инсонларнинг хатосини такрорлама. Бундай йўл тутганлар яна битта мудҳиш хатога йўл қўйишади: улар инон-ихтиёрларини қўрқувга топшириб қўйишади. Қўрқув гумоннинг акаси, бу эса инсониятнинг энг катта душмани. Сен уни енгишинг керак. Жасур ва қўрқмас бўл. Топган пулини, гарчи жўяли сабаб бўлса ҳам, кўмган инсон бу пулга лойиқ эмас. Қачондир яна нимагадир эга бўла олмаса керак, чунки у ҳаётнинг буюк қонунларидан бири — тўкинлик қонунини бузмоқда. Кўпайиши учун пуллар эркин ҳаракатда бўлиши керак” дея насиҳат берибди. Мен ҳам қариндошимизнинг фикрига қўшилган ҳолда мустақил ҳаёт учун кураш ҳар бир кишининг ўз вазифаси эканлигини уқдирдим.

Абдиҳомит АБДИХАЛИЛОВ

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 32 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика