ҲАЁТ СЦЕНАРИЙСИ ЁКИ ҲАР БИР ОДАМНИНГ ЎЗ ТАҚДИРИ БОР

Нотўғри ёзилган сценарий

Бир куни қабулимга 27 ёшлар атрофидаги бир қиз кириб келди. Унинг кўриниши жуда ҳам тушкун, чарчаган ва руҳан қийин аҳволда қолганлиги шундоққина кўриниб турарди. Қиз қаттиқ чарчоқ ва уйқусизликдан шикоят қилди. Жуда кам ухлар экан, шунда ҳам алоқ-чалоқ тушлар кўриб, уйғониб кетаркан. “Оилавий муаммолар ҳаётдан совишимга олиб келди. Акамга ҳовли олиб беришим керак, чунки кўп қаватли уйда юраги сиқиладиган бўлиб қолди. Опамга икки камерали музлатгич олиб беришим керак. Бир куни дўконда шундай музлатгични кўриб, жуда хаваси келганди. Раҳмим келиб, олиб бераман, деб ваъда бериб қўйгандим.

Энди қачон олиб берасан, деб холи-жонимга қўймаяпти. Синглимнинг уйини таъмирлатиб бермасам бўлмайди. Чунки унинг эри яхши пул топмайди, нима қилсин бечора. Онамни санаторийга жўнатишимиз керак, харажатлари менинг бўйнимда...”

Афсуски, қиз мен ўйлагандек бой-бадавлат эмас экан. “Мен турмушга чиққаним йўқ. Шахсий ҳаётга вақтим йўқ. Ҳатто уйим ҳам йўқ. Ҳамма вилоятлардан мева–чева йиғиб, чет элга сотиш учун олиб бораман. Умрим юк поездларида ўтиб кетяпти. Бу ерга келганда ота-онамнинг уйидаги кичкина бир хоначада тураман. Ишонасизми, ҳатто кроватим ҳам йўқ, ерда ётаман. Ўйлаб қарасам, ҳаётим бир умр шундай бўлиб келган экан.

Болалигимда акам билан мен галма-галдан эрталаб сут ва нонга борардик. Озгина қайтим қоларди. Онам бу пулни биздан олмас, “майли ўзларингга олақолинглар”, дерди. Акам ўзининг пулини дарҳол ишлатиб юборар, мен эса бу пулларни сабр-тоқат билан йиғардим. Анча тўпланиб қолгач, ҳамма оила аъзоларимга шоколадли пирожний олиб берардим. Улар роса хурсанд бўлишарди. Лекин ўзимга ҳам қўшиб олишга пулим етмасди. Ҳамма стол атрофида мени мақтаб пирожний ейишаётганда мен тупугимни ютиб, уларга ҳавас билан термулиб ўтирардим. Мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Мен эса уларга берган туҳфамдан хурсанд бўлардим”, деб қўйди.

Ҳа, энди қизнинг оиласидагиларнинг ҳаммаси улғайган. Энди қиз оила аъзоларининг кўнглини олиш учун катта совғалар қилиши керак. Олдинги шоколадли пирожний ҳовли, музлатгич, уй таъмири ва санаторий харажатларига айланди. Ҳозир ҳам қиз худди болалигида ўзига пирожний етмай қолганидек, шахсий ҳаётида етишмовчилик билан яшаяпти. Шу ёшгача на эри ва на болалари бор. Шунинг учун уйқуси бузилиб, алғов-далғов тушлар кўраяпти. Чунки унинг интуицияси нотўғри яшаётганлигидан дарак беряпти. Уни ҳар хил дорилар билан йўқотишнинг иложи йўқ. Унинг руҳи нотўғри йўлни англаяпти, лекин ўзи ёзилган сценарий бўйича ҳаётини давом эттираяпти. Ҳатто охирги пайтларда ишлаган пуллари ўзини ҳам хурсанд қилмай қўйган. Чунки шунча қийналиб топган пулини навбатда турган текинхўр оила аъзоларига сарфлайди. Ўзи эса худди ўша болалик пайтидагидек тупугини ютиб, бошқаларни хурсанд қилганига шукур қилиб юраверади. Лекин бу ҳаёт сценарийси қизнинг  ёши ўтгани сари нотўғри эканлигини англатаяпти. Унда ўша болалик пайтида онг остида қолган таассурот - бировларни хурсанд қилиш, ўзига раво кўрмаган нарсани бировларга бериб, ўзини камситиш каби ҳиссиётлар бир умр давом этиб келяпти. Соғлигидан шикоятлар бекорга эмас. Чунки нотўғри йўналиш ҳар доим ўзини билдириб туради. Нима деб жавоб беришни билсам ҳам унга савол бердим: “туғилган кунинг ёки байрамларда оила аъзоларинг сенга нима совға қилишади?” Қиз мен кутгандан ҳам ажабланарли жавоб қайтарди. “Улар нима ҳам олиб беришарди. Бечора акам касал, тез-тез боши оғриб туради. Опам кам маошли ишда ишлайди, совғага пул орттиролмайди. Синглимнинг эса эри зиқна. Онам билан отам пенсионер, улардан нима ҳам кутардим” — деди хўрсиниб.

Хуллас, оила аъзолари бу қизга совға-салом бериш тугул, ҳатто шахсий ҳаётини йўлга қўйишда ҳам ғамхўрлик кўрсатишмас экан.  Шунча пайт ҳар хил одамларнинг шикоятини эшитиб, бу каби тақдир эгасига ҳали дуч келмаган эдим. Қизнинг ҳаёти ҳақида мулоҳаза юритарканман, ҳаёт сценарийси болаликда қандай ёзилган бўлса бир умр шундай давом этишига яна бир бор амин бўлдим. Ҳа, киши ўзи сезмаган ҳолда умри давомида фақат битта ролни ўйнайверади. Бу қиз ҳам оила аъзоларини хурсанд қилиб, ўзини қурбон қилаётганини сезмайди ҳатто. Қизга шу ҳақда тушунтирсам, у жон-жаҳди билан оила аъзоларини ҳимоя қилишга ўтди. Ҳатто “Мен бошқача яшолмайман” деб қўйди мағрурланиб. Унинг ҳаёт сценарийси борган сари чуқурлашиб, кизни қурбон қиляпти. Лекин унинг ўзи бу ҳолатни англаб етиши учун яна анча вақт бор. Афсуски, бу вақт ичида у боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Ҳатто бу ҳолат руҳий касалликка ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас. Масалан, бирор нотўғри ҳолатга узоқ вақт чидаб юриш ўткир психоз касаллигини келтириб чиқаради. Албатта, нотўғри ҳаёт тарзини инсон руҳияти ҳар доим сезади ва интуиция орқали билдириб туради. Лекин киши ҳар доим ҳам бу белги ва даракларни тушунавермайди. Соғлигидан шикоят пайдо бўлса шифокорлар фақат дори-дармон бериш билан чекланиб қўяқолишади. Беморнинг ҳаётини таҳлил қилиб, унинг нотўғри яшаётганлигини тушунтиришмайди. Бу психотерапевт, психиатр, невропатологларнинг вазифасига киради.Чунки бемор биринчи ўринда шу мутахассисларга мурожаат қилади.  Бу қиз менга ҳар доим бир хил туш кўриб, қўрқиб уйғониб кетишини айтиб берди. Тушида ҳар доим кўчада адашиб қоларкан. Олдида катта йўл туриб, у ҳар гал кичкина ёлғизоёқ йўлчани танлаб, пастликка қараб кетаркан ва қалин, қоронғу ўрмон ичида адашиб қоларкан. Бу туш қизнинг нотўғри яшаётганлигидан дарак бераётган яққол белгидир. Афсуски, қиз буни тушунмаяпти.

Худди шунга ўхшаш яна бир воқеа яна бир мижозимнинг бошидан ўтган эди.

Болаларга берилган ваъда бажарилмаса...

Қабулимга келган яна бир аёл ҳам иши юришмаётганлигидан нолиб қолди. “Қилган ҳаракатим юз фоиз бўлса, олган натижам ўн фоиз”, дея нолиди у. Аёлнинг эслашича, боғчага борадиган пайтида бир қўғирчоқни орзу қилган экан. Онаси унга “ўрнингни ўзинг йиғиштирсанг, идишларни ювсанг, укангга қарасанг сенга шундай қўғирчоқ олиб бераман”, деб ваъда берган экан. Аммо у айтилган ҳамма топшириқларни бажарса ҳам ойиси ўша қўғирчоқни олиб бермабди. Мактаб пайтларида ҳам “чоракни яхши тугатсанг, сени совға кутаяпти” дейишаркан. Аммо яна ваъдалар бажарилмас экан.

“Мен эса ҳаракат қилиб совға кутардим. Мактабни битирдим. Институтга ҳам кирдим. “Яхши ўқиб, битирсанг яхши жойга узатиласан, сенга чиройли ҳеч кимда йўқ жиҳоз оламиз”, деб яна пуч ваъдалар беришибди. Афсуски, институтни битириб, тузукроқ жойдан иш топа олмабди, ҳозирча ишлаб тур, дейишгани учун бир корхонага оддий котиба бўлиб ишга кирибди. “Турмушга ҳам чиқдим, лекин куёв билан умуман феълимиз тўғри келмади. Унинг оила аъзолари ҳам мени бир тийинга олишмасди. Қанча ҳаракат қилсам ҳам, уларнинг кўнглини тополмадим. Қизиғи шуки, эрим ҳам худди ота-онамга ўхшаб қуруқ ваъда бериб, ҳеч қачон бажармас, мени алдаш унинг учун оддий ҳолдек эди” дея афсус билан гапирди аёл. Хўш, нега у кутган нарсалар чиппакка чиқиб, охирида натижаси салбий бўлаяпти? Чунки болалигидан ҳаракатига яраша натижа ололмаган. Аёл бундай ҳисларга ўрганиб қолган. Энди эса ўзига ёқмаса ҳам ёзилган сценарий бўйича яшаяпти.  

Бу мисолларда тақдирнинг таъсири йўқ. Бу ерда болалик пайтидан ҳар хил механизмлар пайдо бўлганлиги ва яхшилаб ўрнашиб, кейинчалик англаб етиш қийин бўлган натижаларга айланганидир. Нима учун инсон ҳар доим ҳам нотўғри механизмни тушуниб, англаб етмайди. Чунки у шу механизм билан катта бўлган, бундан бошқачаси, йўқ, деб ўйлайди.

Биринчи мисолимиздаги қиз болалигидан пулини йиғиб, бировларнинг кўнглини олиб, хурсанд қилиш механизми билан яшаяпти. У ҳатто егиси келсада, ўша пирожнийдан бир тишлам ейишни ўзига эп кўрмаган.

Бу қизнинг оиласидагиларнинг ҳам айби катта. Қиз стол атрофида бошқаларга қараб тамшаниб ўтирганда бувиси ёки ота-онаси “йўқ сен ҳам пирожнийдан ейишинг керак, қани ҳаммамиз бир тишламдан бўлса ҳам берайлик ёки ўзингга ҳам сотиб ол”, дейишлари керак эди. Шунда ҳаёт сценарийси бошқача ёзиларди. Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Бу қиз ўз тушунчасини ўзгартириши керак. Ҳозир у пул топаяпти, шунинг учун текинхўр оила аъзолари ундан фойдаланиб, ёнида юришибди. Ҳолбуки, унинг тақдирини ўйлашаётгани ҳам йўқ. Агар қизнинг ёши ўтиб, қўлида пули қолмаса қариндошлари биринчи бўлиб, уни унутишади. Туши унга шу нарсалардан далолат бераяпти. Лекин қиз барибир, тушунмаяпти. Ачинарлиси, ёмон ёзилган ҳаёт сценарийси ёмон натижаларга олиб келади.

Иккинчи мисолимиздаги қаҳрамонимизнинг ҳам янги нарса олиши катта муаммо. Лекин буни унинг ўзи англаб етмайди. Чунки ёшлигидан унинг қалбига эски нарсанинг уруғи сепилган. Катта бўлгач эса ўша уруғдан катта дарахт ўсиб чиқди. Энди у дарахтни арралаш жуда қийин.

Таниқли психолог Эрик Берннинг фикрича, одамнинг ҳаёт сценарийси икки ёшгача ёзилар экан. Беш ёшгача бу сценарий мустаҳкамлашиб, ўн саккиз ёшда одам бутунлай битта қолипга тушиб яшай бошлар ва шу қолипига мос ҳодисалар ҳамда одамларни ўзига тортиб, сценарий бўйича яшашни давом эттираркан.

Учинчи мисолимиздаги аёл ҳам шунча ишласа-да, натижа ўзи кутгандек бўлмаган. Эри ва оиласидагилар уни умуман менсишмайди. Чунки у ўзига натижа бермайдиган ва унинг ҳаракатини сезмайдиган одамларни тортди. Бундай одамларни ўзгартириш қийин. Биринчи ўринда аёл ўзгаришни ўзидан бошлаши керак. Худди болалик пайтида олиб берилмаган қўғирчоқнинг ўрнига энди ўзига совғалар қилиши, чиройли кўйлак, туфли, атир ва косметик воситалар харид қилиб, ўзини ўзи қувонтириши керак. Энди ўзини ўзи ҳурмат қилиб, юқори баҳоламаса уни ҳеч ким бир тийинга олмайди. Чунки сценарий шундай ёзилган. Иккинчи мисолимиздаги эски нарсаларга ўрганган сингил ҳам энди эски-тускилардан воз кечиб, дўкондан битта бўлса ҳам ўзи учун янги буюм харид қилиши керак. Шундай ҳолларда кўпчилик эскисини қандай ташлайман, янгисига пулим йўқ-ку, дея хавотирга тушишади. Аммо бу ноўрин. Хитойдаги Фэн-шу таълимотида айтилишича, эски буюм ташлаб юборилса бўшлиқ пайдо бўлар экан ва коинот шу заҳоти бу бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилар ва оқибат янги буюм пайдо бўлар экан. Бу синаб кўрилган ҳақиқат.

Биринчи мисолимиздаги  қўли очиқ қизга келсак, у турмушга чиқиб, фарзандли бўлиши шарт. Топган пулига ўзига уй сотиб олиб, жиҳозлаб, меҳнатининг роҳатини кўришга ўрганиши керак. Шундагина қўрқинчли алғов-далғов тушлар уни тарк этади. Гап шундаки, ҳаёт сценарийсининг нотўғрилигини ҳар бир одамнинг ўз англаб етсагина уни тузатиш осон бўлади. Акс ҳолда хатоларини такрорлайверади. Шуниси аянчлики, бу сценарийнинг давоми ҳам бор. Вақт ўтган сари киши бу сценарийга мослашади ва янада мураккаб ҳодисалар ва одамларни ўзига торта бошлайди.

Бундай қийинчиликлар инсонни руҳан чўктиради ва ички дунёсида салбий жараёнлар юз беради ҳамда ҳар хил касалликларга чалинади. Ана ўшанда тақдирдан нолиб, “нега менинг тақдирим шундай ёзилган экан, пешонам шунчалик шўр бўладими” деган сўзлар тилидан уча бошлайди.

Инсон ўз тақдирини тоза фикри, орзулари ва ҳаракатлари билан яратади. Болаликдан юз бериб келаётган салбий ҳолатлар ва таниш ҳиссиётларнинг нотўғрилигини сезиш учун кишига юқори онг керак. Агар инсон ўз онгини юқори даражага кўтара олса нотўғри йўналишларни дарҳол сезади ва ўзгартиради. Шундай экан, тақдирнинг қандай кечиши фақат ва фақат инсоннинг ўз қўлида.

Озода ТУРМУҲАММЕДОВА

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 18 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика