ИЛОҲИЙ ЗАНЖИР

Савол:

— Биз беш ўғилмиз. Катта акам ўғил боқиб олган. Аммо ўзига тинч. Отамиздан қолган уйни шу болага қолдирмоқчи. Онамизга ҳам бефарқ. Орамизда норозиликлар юзага келмоқда. Бизга насиҳат қилинг.

Алибек,
Сирдарё вилояти

Жавоб:

— Орага келинлар тушгандан кейин энг оғир иш ўғилларни бир тўхтамга келтиришдир. Шунинг учун онангиз ҳам бир чеккада ночор, мўлтираб ўтирган экан. Маслаҳатгўй онангиз тирик, аммо ҳар бирингиз аёлингизнинг дўмбирасига ўйинга тушиш билан оворасиз. Орага манфаат масаласи тушибди, лекин бу борада жигар билан бегонанинг фарқи бўлиши керак-ку! Масалан, шундай ҳолат бўлди дейлик: битта нон бор, бешов ака-ука очсиз. Сиз ҳеч қачон бу нонни бегоналарга юбормайсиз ҳам. Албатта, жигарларингизга тақсимлаб берасиз, шундайми?

Авваламбор, бу — ота мерос. Орада отангизнинг безовта руҳи турибди! У бу жойни бола-чақасига атаб бунёд қилган пайтда ярмингиз ҳали йўқ, ярмингиз эса шалварингизни ҳўллаб юрардингиз! Ҳовлини кимга қолдириш масаласида, биринчидан, қонун бор, унинг ҳукми ҳукм! Аммо ундан ҳам зўр чиқиб кимдир бу жойга эга чиқишни уддаласа, эшитиб қўйсин: Тангри унга буюрсагина эгалик қилади. Тирикларнинг ҳам, руҳларнинг ҳам розилиги бир хил қимматга эга. Бу жойнинг бош эгаси отангиз эди, ҳозир унинг номидан гапирувчи онангиз бор. Унинг гапи гап! Аммо онангиз ҳал қилувчи гапни айтаётганда минг ўйлаб, бир кесиши, Аллоҳ рози бўладиган йўл тутиши керак. Йўқса, у кишини бир ёқдан Тангри, иккинчи ёқдан руҳларнинг норозилиги уриб қўяди.

Агар ота-онангизнинг зоти яхшилардан бўлса, оилангизда яхши тарбия кўрган бўлсангиз, ҳеч қайсингиз “ҳовли менга бўлсин” деган гапни биринчи бўлиб айтмаслигингиз керак. Уйга эгалик қайсингизга тўхтам бўлса, дарров кўнмаслигингиз, сиздан ночорроқ, жигарингизга илинмоғингиз одобдандир ва ўзингиз учун хайрлидир.

Бешов ўғлон, эшитиб қўйинг! Аллоҳ болаларингизнинг келажагини белгилашдан аввал шу ҳовли масаласини атайин сиз учун имтиҳон қилиб қўйибди. Эсингизда бўлсин, нафсни ўртага қўйиб, бир-бирингизни норози қиладиган бўлсангиз, бу ҳовли болангизнинг фақат ёмон кунига хизмат қилади. Бу — бир!

Иккинчидан, акангиз ҳар қанча баттоллик қилса ҳам унинг бола боқиб олгани, яъни фарзандсиз эканлигини писанда қилиш унга нисбатан зулмдир. Бу дил оғритишдир. “Дема дедирма” деган гап бор. Акангиз қаттиқ ранжигани учун ҳам тўнини тескари кийиб олган.

Энди ака бўлгичга келсак, у кўз қорачиғида сақлаётган ўша боласининг умр бўйи таъна-дашномсиз яшашини хоҳласа, бу ҳовлида қолдирмаслиги керак. Сабаби, беш оға-ини оғзингизни очмасангиз ҳам сизлардан тарқалганлардан кимдир ҳеч йўқ сиздан кейин бу гапни ковлаштириши мумкин, чунки уларнинг оналари бегона. Ахир бу ерда ким яшаса ҳам яшагани татиши керак-да!

Учинчидан, одил суд бу ҳовлини бешга бўлишга ҳукм қилганда ҳам уни ҳаргиз бўлмаслик ва сотмаслик керак. Бу макон бешовингиз учун ота-онангизнинг, гўдаклигингизнинг ҳиди келадиган биринчи Ватандир. Манфаат учун кўз очиб кўрган бу кичик Каъбангизни ўз қўлингиз билан пулга алмаштириб юборасизми?! Ҳовли биттангизда қолсин. Ана ўшанда онангиз ёққан чироқ ўчмайди, отангиз қурган дарвоза ҳеч қачон ёпилмайди. Ўтганларингизнинг руҳлари сарсон бўлмайди. Аммо ҳовлида қолган одам одил бўлсин, яъни ҳовлини холис баҳолатиб, қолган жигарларининг ҳақини пул биланми, мол биланми тўлаб рози қилсин. (Жигарлари сўрамаган тақдирда ҳам!) Токи бу маскан ҳаммангиз учун тўпланадиган, дил ёзадиган, умумий дийдорхона бўлсин. Ўтганларингиз учун эҳсонлар қиладиган дуохонангиз бўлиб қолсин.

Ўғлонларим, яхши фарзанд, айниқса, ўғил фарзанд ҳеч қачон ота ҳовлини сотмайди, иймони сусайган бандагина ота-онасининг изини йўқ қилиб юборади.

Айтиб қўяй, бу оламда ҳамма жуфт яралган. Аёлингиз энг керагингиз, тиргагингиз, юрагингиздир. Аммо уларнинг бегоналиги ёдингизда турсин. Сизнинг оға-иниларингизга нисбатан келинларда қондошлик ришта йўқ, яъни табиий тортилиш кучи йўқ. Келинлар эрнинг жигарлари учун ҳадеганда ён боса олмайди. Сизнинг вужудингизда эса бешовингизни боғлаб турадиган зот занжири бор. Киши бу занжирни ўз хоҳиши билан уза олмайди, у боғлиқлик вақти-вақти билан ўзи ишга тушади. Бугун акангдан итарилиб турган бўлсанг, сен кутмаган пайтда у занжир юрагингдан ушлаб тортиб қолиши мумкин. Жигаринг яқин келса кўнглинг эрий бошлайди, роса излаган нарсангни топгандай ором оласан... Бу бизга илоҳий тортиқ, бу роҳатни илоҳим фақат туққанларимиз орқалигина беради. Ана ўшанда хижолатлик аҳволга тушмаслик учун йўлда қўшилганларнинг гапига зийраклик билан туриш, ака-укаларингизни ҳеч кимга ёмонламаслик, кимнингдир таъсирида нотўғри иш қилаётган жигарингизни ҳам ёмон кўрмаслик лозим. Болангиз учун қандай жонсарак турсангиз, бир қориндан тушганларингиз учун ҳам шундай безовта туринг, камчиликлардан қутулишга ёрдам қилинг, имконингиз бўлса, доимий мурувватлар қилинг. Эҳтиёт бўлингки, биров фақат олувчи, биров фақат тарқатувчи бўлиб қолмасин. Фалончим ўзига тўқ, менинг қўлимга қараб қолган эмас, деманг! Инсон борки, йўқланишни хоҳлайди.

Сиз бировдан бир нарсани тортиб олишни режа қилгандан кўра, виждон буюрган тўғри ишларни қилинг, сизни тақдирнинг ўзи беминнат мукофотлайди.

Турсуной СОДИҚОВА

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 26 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика