“СИЗСИЗ ЎТМАС КУНЛАРИМ”

Аёлни обдон текшириб кўрган врач унга тайинли бир гап айтмади. Фақат хайрлашар чоғи эрига “ сиз бир минут тўхтанг”- деди. Аёлнинг юраги шув этиб кетди. Ташқарида эрини бетоқат кутаркан врачнинг нега бундай деганлигини тахминан биларди. Ниҳоят, эшик олдида эри кўринди. Аёл югуриб бориб, унинг кўзларига умидвор термулди:

— Шифокор нима деди?

— Шифокорми? — каловланди эри.

— Ҳа, шифокор?

— Уми...У ҳаммаси яхши,— деди...

Аёл бир муддат қотиб қолди.

— Тушунарли, — деди сўнг шивирлаб, — ҳаммаси тушунарли.

— Ирода, юр бугун сени истироҳат боғига олиб бораман, кейин кинога кирамиз, ундан сўнг театр...

— Йўқ, — кескин рад этди аёл, — уйга кетамиз, бизни ойимиз билан дадамиз кутиб қолишди...

Уйга кетишаркан иккаласи ҳам ўз хаёллари билан банд эди. Эр қандай қилиб хотинига таскин беришни, унинг кўнглини кўтаришни ўйласа, аёл эса бу хабарни қайнона-қайнотасига қандай айтишни билмасди. Ҳовлига киришлари билан чорпояда овқатланиб ўтирган йигитнинг ота-онаси уларга умидвор термулишди.

— Шифокор нима деди? — ўғлини сўроққа тутди ота келини ичкарига кийимларини алмаштириш учун кириб кетиши билан. Исмоил индамай ерга қаради.

— Яхши хабар айтишдими, ишқилиб? — тоқати тоқ бўлди онанинг.

— Йўқ...

— Нима дейишди ахир?

— Келинингиз бир умр она бўлолмас экан..

Бу хабардан кенг ҳовли бир муддат сукунат ичра қолгандек бўлди. Она кўз ёш тўкди, ота эса чуқур уф тортди.

— Унда хотининг билан ажрашасан, ўғлим, — деди ниҳоят ота бир қарорга келгандек.

— Нималар деяпсиз ота?! Ахир...

— Ахир-пахирни йиғиштир ўғлим. Хотининг билан ажрашасан, тамом-вассалом!

— Мен келинингиз билан ажрашолмайман. Уни қон йиғлатиб бахтли бўлармидим, ота?! Ўйлаб гапиряпсизми?!

— Бизни-чи?! Бизни қон йиғлатмаяпсанми, ўғлим? — гапга қўшилди онаси, — ахир набира кўришни, уларни эркалаб суйишни, мана бу ҳовлида уларнинг қийқириб югуриб юришларини отанг иккаламиз неча йиллардан буён орзу қиламиз. Неча йиллардан буён Худодан набира сўраймиз. Наҳотки бизни ўйламасанг?!

— Йўқ, мен Ирода билан ажрашолмайман! — кескин рад этди ўғил.

— Унда яна битта хотин оласан! Агар аёл бемор ёки туғмас бўлса, эркак киши иккинчи аёлга уйланиши шариатда бор экан.

Отасининг бу гапидан Исмоил бир муддат қотиб қолди.

— Ўйлаб гапиряпсизми, ота? — деди сўнг тили аранг айланиб.

— Ота-она фарзандининг тақдири ҳақида ҳамиша ўйлаб гапиради, ўғлим. Қарорим қатъий, эътирозга ўрин йўқ!

* * *

Орадан кунлар ўтди. Ота-онаси қанча мажбурлашмасин Исмоил Ирода билан ажрашмасликка ва иккинчи аёлга ҳам уйланмасликка қатъий қарор қилганди. Унинг тақдиридан хавотирга тушган ота-она нима қилишни билмас, қанча кенгашмасин бу тақдирга чора йўқдек эди. Ниҳоят, улар ҳамма фарзандларини бир жойга жамлаб, маслаҳатлашмоқчи бўлишди.

— Биласизлар, Исмоил неча йиллардан буён бир тирноққа зор. Қанча қистамайлик, ажрашишга эр-хотин иккаласи ҳам рози бўлишмаяпти. Сизларни чақирганимдан мақсад, бирорталаринг фарзандларингни укаларингга берасизларми, дегандик.

Отанинг бу гапидан йиғилганлар бир-бирларига қараб олишди. Исмоилнинг поччаси “сен рози бўлма” дегандек опасига имлаб қўйди. Янга ҳам гоҳ эрига, гоҳ қайнотасига қараб, типирчилай бошлади.

— Бирингизда учта, яна бирингизда тўрттадан фарзанд бор. Хўш, бирортангиз ўз фарзандингизни жигарингиз Исмоил учун беришга розимисиз? — қайта сўради ота.

— Бу гаплардан Исмоилнинг хабари борми ўзи? — сўради ака.

— Йўқ, ҳали унинг ўзига айтмадик. Олдин ўзимиз обдон пишитиб, келишиб, кейин унга айтсакми, деб ўйлагандим. Қизим, укангни чақир-чи...

— Бекор ака-опаларимни овора қилибсиз, ота, — деди Исмоил бу гаплардан хабар топгач, — биз келинингиз билан маслаҳатлашиб болалар
уйидан фарзанд асраб олишга қарор қилгандик.

— Ана масала ҳал, — қувониб кетди почча.

— Йўқ! — кескин рад этди ота, — болалар уйидаги боланинг насл-насабининг тайини бўлмайди. Қолаверса, яхши ота-она боласини ташлаб кетмайди.

— Болалар уйида катта бўлган қизни келин қилиб, товбамизга таяниб ўтирибмиз ўзи, — орага қўшилди она.

— Отажон, мен болаларимдан бирини укам учун беришга розиман, — деди опа. Бу гапдан поччанинг жаҳли чиқиб кетди.

— Ўйлаб гапиряпсанми?! Оиланинг хўжайини менман. Шундай экан, болалар учун мен жавобгарман.

— Унда укам бир умр қон йиғлаб ўтсинми?

— Нега қон йиғлаб ўтади?! Туғмас хотиннинг жавобини бериб, бошқага уйлансин, масала ҳал!

Куёвининг бу гапидан отанинг боши хам бўлиб қолди.

— Ёғ еганда ёт яхши, қон ютганда қариндош, деган гап бежизга айтилмаган эканда, — деди афсус билан. Сўнг сен-чи, дегандек катта ўғли Умарга нигоҳ ташлади.

— Мен болаларимдан бирини укам учун беришга розиман, — деди ўғли Умар ҳам бироз иккиланиб. Аммо шу пайт унинг хотини бир сапчиб тушди.

— Ўйлаб гапиряпсизми, дадаси? — деди безовта бўлиб, — бизнинг болаларимиз эсли бўлиб қолган. Ана қайнсинглим Азизахон чақалоғини берса бўлади-ку!

— Гапни чувалаштирма, хотин. Укам тирноққа зор бўлиб юрганда биз битта боламизни ундан аясак, бу ишимиз Худога ҳам хуш келмас ахир.

— Тўғри, тўғри, лекин овсиним бирор марта болаларимни эркалаб, ўпганини кўрмаганман-да. Қандай қилиб бемеҳр аёлга боламни бераман?!

— Йўқ, келин сиз нотўғри ўйламанг. Овсинингиз болаларингизни жуда яхши кўради.

— Тунов куни сизларникидан кўзи кўкариб борди-ку?!

— Йиқилиб тушганди, болам.

— Менга янгам урди, деди-да.

— Қўйинг, келин болангизни бермаслик учун баҳона қидиряпсизми?!

— Мен боламни беролмайман, ойижон!

— Ўчир овозингни! Мен бераман дедимми, бераман! – жаҳли чиқди Умарнинг.

— Агар боламни берсангиз сиз билан ажрашаман!

— Бу нима деганингиз?! — келинининг гапидан қайнона-қайнота иккиси ҳам ўрнидан туриб кетишди.

— Нима?! Ҳали шунақами?! — жаҳли чиқди Умарнинг, — Бўпти сен билан ажрашганим бўлсин!

— Товба, денглар, товба денглар! Оғзингиздан чиққан гапларга товба денглар! — дея зор қақшади она, — ҳар бир айтилган гапга фаришталар омин, дейди ахир!

— Исмоил! — дея бақирди ота.

— Лаббай ота!

— Бошқа чора йўқ! Уйланасан!

— Ота....

— Уйланасан дедимми уйланасан! Гап тамом-вассалом!

* * *

Ирода ўйлай-ўйлай ахийри эрини ўзи уйлантириб қўйишга қарор қилди. Аммо кимга? Эрини қайси қизга уйлантирса у билан бир ҳовлида опа-сингилдек аҳил-иноқ бўлиб яшаркин?! Ахир бир ҳовлида кундош билан яшашнинг ўзи бўлмайди. Ирода қанча ўйламасин эрига ҳам, ўзига ҳам маъқул келадиган қизни кўз олдига келтиролмасди. У ҳар куни ишга тирик мурдадек бориб келаркан ўзи билан бирга ишлайдиган қиз — Фаридани кўз остига олиб қўйди. Фақатгина шу қиз унга кундош бўлишга муносиб номзоддек эди. Фарида унисини ўпоқ, бунисини сўпоқ деб вақтида турмушга чиқмаган, ёши ўтиб қолган қизлардан эди. Шу боис энди унга бўйдоқ йигитлардан совчи келмас, икки дугона гурунглашган пайтларда Фарида кўпинча шундан ҳасрат қилар, “менга ҳам турмушга чиқиш, фарзандлар кўриш насиб қилармикин”, дея хафа бўларди. Фарида эри учун энг муносиб жуфтдек туйилди Иродага ва бир куни пайт топиб, бу ҳақда дугонасига сўз очди.

— Нималар деяпсиз?! — ҳайратдан кўзлари каттариб кетди Фариданинг, — ахир қандай қилиб?! Қандай қилиб, кундошлик азобига рози бўляпсиз?

— Бошқа чорам йўқ, дугонажон!

Бошқа чорам йўқ!

— Нега ахир?

— Чунки мен бепуштман, туғмас хотинман! Мени деб эрим бу оламдан тирноққа зор бўлиб ўтишини истамайман. Эрим жуда яхши инсон. Шунчалар яхшики, ҳатто чумолига ҳам озор бермайди.

— Ахир қайси юрак билан ўз бахтингизни менга бермоқчисиз, Ирода?

— Ҳа, сизга ўз бахтимни қўшқўллаб бермоқчиман, Фарида! Шунга мажбурман! Агар сиз тегмасангиз эрим бошқасига уйланишга мажбур бўлади. Ўзим танимаган-билмаган аёл билан битта ҳовлида қандай яшайман ахир?! Қандай?

 * * *

Ирода дугонаси Фарида билан гапни бир жойга қўйгач, эрига шу ҳақда сўз очди.

— Нима?! Дугонангга уйлантирмоқчимисан? Ўзинг-а? — ҳайратланди Исмоил.

— Ҳа, ўзим. Нима бўпти, Фарида яхши қиз, у билан бир ҳовлида кундош бўлиб яшай олишимга кўзим етади.

— Кундош сўзининг маъносини биласанми ўзи?

— Қаранг-а, шу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Кундош сўзи ҳам худди синфдош, курсдош деганидек бир сўз бўлса керакда. Муҳими, кундошларнинг дарди, қайғуси бир бўлади. Биз Фаридахон билан опа-сингилдек бўлиб яшаймиз ҳали.

— Мен бошқа қизга уйланишим учун қонуний ажрашишимиз керак ахир? Шуни биласанми ўзи?

— Майли, розиман. Менга шаърий никоҳимиз ҳам етади.

Бу гапдан Исмоил кулиб юборди.

— Ҳа, мойдек ёқдими, дейман? — ҳазил қилди Ирода.

— Ҳа, ўз хотининг, ўз ихтиёри билан гўзал бир қизга уйлантириб қўяман, дейди-ю, мойдек ёқмайдими? — ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Исмоил.

— Сочингизни битталаб юлиб олмай тағин...

* * *

Ниҳоят, Исмоил билан Фариданинг тўйи бўлди. Жони минг бир бўлакка бўлинса-да, Фарида бу тўйда елиб-югуриб хизмат қилди, эрига сидқидилдан бахт тилади. Тўй тугаб, эри гўшангага кираётганда Иродани рашк азоби жисму жонига олов пуркай бошлади. Шундагина у қилган иши нақадар аянчли эканлигини, ҳар қандай аёл бу азобга дош беролмаслигини англаб етди. Энг яқин дугонаси Фарида кўзига балодек кўринди. Чимилдиққа киришдан олдин дугонасига эрининг феъл-атвори ҳақида тушунтирар экан, назарида Фарида унинг устидан кулаётгандек, “энди Исмоил ака фақат меники бўлади”, деяётгандек туйилаверди.

— Ирода, безовтадексиз? — хавотирланиб сўради Фарида.

— Нимадан безовта бўлай? Ахир бугундан бошлаб эримга сиздек дилдор ҳамроҳ бўляпти-ку?!

— Менга ғалатироқ кўринаяпсизда? Рашк оловида ёнаётган бўлманг яна?

— Йўғ-э, нега рашк қилай? Ахир сизга ўзим рози бўлиб эримни уйлантираяпман-ку!

— Эр бермоқ, жон бермоқ дейдилар.

— Пичинг қиляпсизми, Фарида?

— Бу пичинг эмас, ҳақиқат...

Кечагина эримизни бир-биримиздан рашк қилмаймиз деган дугонасининг бирданига ўзгариб қолиши Ироданинг юрагига тиғ санчгандек бўлди. У ўз хонасига кириб, қамалиб оларкан “ишқилиб, бу азобга юрагим дош беролмай ўлиб қолмасайдим”, деб ўйларди. Ана эри Фарида турган уй томон юрди. Юзида ҳаяжон, кўзлари порлаётгандек. Ахир чимилдиқда ўн беш кунлик ойдек келин кутиб турса, қайси эркакнинг кўзи чақнамайди. “Мен унутилдим, мен эскирдим. Исмоил акам мени энди кераксиз буюмдек кўчага улоқтиради” дея талвасага туша бошлади Ирода.

Эри чимилдиққа кириши билан унинг жисму жонига ўт туташди гўё. Аламдан қовриларкан тинмай Яратгандан ўзига сабр ва фақат сабр сўрарди...

Эркин ХУШВАҚТОВ,
драматург

Донолар бисотидан

Устоз дейди:

— Инсон маълум бир бойлик, амал даражасида кибрга берила бошладими, демак, унга бу нарсалар оғирлик қила бошлагани. Эшакнинг устига ҳам кучидан зиёдроқ юк ортсангиз, у гандираклаб мувозанатини йўқотгандай, амалу бойликдан кибрга берилган одам ҳам гандираклаб қолади, инсонийлик мувозанатини сақлаб қолишга ожизлик қилади. Чунки бойлик ва мансаб оғир юк, уни ақл ва босиқлик билан қабул қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ким чекиб фиғон ишқ йўлида зор ўлди, етди муродга,
Ким эрса лаззат матлабида хор ўлди, қолди касодга.


Газетанинг 19 февралдаги
4(77)-сонини
шу ердан
кўчириб
олишингиз
мумкин!

Сўровнома

Ўзингиздан миллионер чиқишига ишонасизми?

Ҳа, албатта мендан чиқади - 100%
Йўқ бунга ишонмайман - 0%
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин - 0%
Билмадим - 0%

Овоз беришди: 2
Голосование для этого опроса закончилось on: 27 Нояб 2014 - 11:28

Ҳозир сайтда

Сейчас 11 гостей и ни одного зарегистрированного пользователя на сайте

Яндекс.Метрика